Главная » Статьи » Фойдали маслахатлар » Xayotiy Maslahatlar!

Соғлом овқатланиш тарафдорлари йўл қўядиган 10 хато
Биз зарарли таомларни фойдалисига алмаштиришга уринамиз. Бироқ кўп ҳолларда нотўғри танлов қиламиз. Эътиборингизга «соғлом таом» ҳақидаги тасаввурингиздан ўчириб ташлаш зарур бўлган 10 та нотўғри қоидаларни тақдим этамиз.

Қутидаги шарбатлар газли ичимликлардан анча фойдалироқ

Масалан, қутидаги олма шарбати бир қарашда безарар кўринади. Аслида эса унинг калорияси газли ичимликларникидан кўпроқдир. Агарда сиз ҳақиқатан ҳам соғлом овқатланиш тарафдори бўлсангиз, саноатдаги ширин ичимликлардан кўра тоза сув истеъмол қилганингиз маъқул.

Хом сабзавотлар пишганидан кўра фойдалироқ

Буни қарангки, қайнатилган сабзавотлар айрим жиҳатлари билан xомига нисбатан фойдалироқ экан. Масалан, пишган сабзида каротиноидлар кўпроқ бўлади. Помидор димлаб пиширилганда эса унинг таркибидаги зарурий модда — ликопин ортар экан.

Бу хом сабзавотларни истеъмол қилманг, дегани эмас, шунчаки пишганларини ҳам эътибордан четда қолдирманг.

Суши — парҳезбоп таом

Истеъмол қилаётган таомларида углеводлар миқдорига эътибор берувчи кишилар ҳам сушини парҳезбоп таом деб ҳисоблайдилар. Аслида эса 1 порция балиқли сушида бургердагидан кўпроқ углевод мавжуд. Калориясига келсак, бургерники юқори, албатта. Агар сиз озишни хоҳласангиз, юқоридагилардан иккисини ҳам емаган маъқул.

Соя қайласи фойдали зиравордир

Соя қайласи таркибида туз миқдори сиз ўйлаганингиздан кўра кўп. Парҳезшунослар ушбу зираворни кўп истеъмол қилишни тавсия этмайдилар.

Шакарнинг ўрнига асал

Агарда сиз қоматингиз ҳақида қайғурсангиз, асал шакардан кўра фойдали экан деб уни кўп истеъмол қилиш ярамайди. Сабаби, унинг фойдаси билан бирга ножўя таъсирлари ҳам мавжуд. Калорияси эса шакарникидан кўпроқ.

Қуруқ мевалар — ажойиб тамадди

Мевалар қуритилганида 80 фоиз витамин ва антиоксидантларни йўқотади. Бироз қорнингиз очса, янги мевалар билан тамадди қилган фойдалироқ.

Жўхори (попкорн) — носоғлом таом

Олимлар махсус ускунада тайёрланган жўхори соғлом ва фойдали таом эканини исботладилар. Масалан, бир коса «попкорн»да тахминан шу миқдордаги ҳар қандай мевадагидан 2 баробар кўп фойдали полифеноллар мавжуд экан. Бундан ташқари, жўхори клечаткага ҳам бойдир.

Озиш ниятидагилар учун пишлоқ мумкин эмас

Пишлоқ таркибида кўп миқдорда ёғ бўлгани сабабли парҳез пайтида уни ейиш тавсия этилмайди. Аслида эса кам миқдорда истеъмол қилинган пишлоқ ҳар қандай парҳезда организм учун фақат фойда келтиради. Бундан ташқари, пишлоқ таркибида максимал даражада кальций сақловчи маҳсулотлар қаторига киради.

Табиий ёғлар таомни янада фойдалироқ қилади

Кокос ёғи, зайтун ёғи ва бошқалар соғлом турмуш тарзидагиларнинг кундалик таомномасига киради. Аммо уларни таом пиширишда ишлатмаган маъқул. Сабаби, қизиш жараёнида шифобахш ёғ том маънода заҳарга айланади: унинг таркибида зарарли моддалар ортиб кетади. Шундай экан, бундай ёғларни салатларга қўшиб истеъмол қилиш тавсия этилади.

Ёғсиз сут маҳсулотлари маъқулроқ

Ўз вазнларини назоратда тутувчилар бутунлай ёғсиз маҳсулотларни танлайдилар. Бироқ бундай маҳсулотлар калорияси ҳар доим ҳам паст бўлмайди. Бунинг устига, уларда зарурий витамин ва микроэлементлар ҳам жуда кам бўлади. Масалан, барча сут маҳсулотлари ўзида D, E, A, K каби ёғда эрувчи витаминларни сақлайди. Ёғсиз сут маҳсулотларидаги ушбу витаминлар ошқозонга тушганда сўрилмайди.

Манба: Hordiq.uz
Категория: Xayotiy Maslahatlar! | Добавил: uznewuz (13.04.2018)
Просмотров: 139 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar