Главная » Статьи » Новости » Dunyo

Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи кунида рус нашрларида ахборот хуружи. Бундан муддао нима эди?
Россия оммавий ахборот воситалари 16 май куни, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга расмий ташрифини амалга ошираётган паллада Ўзбекистон ташқи ишлар вазири муовини Абдужаббор Абдувоҳидовники дейилган мактуб нусхасини тарқатди. Унда идора гўёки Афғонистондаги вазият устидан назорат йўқотилганида АҚШ томонини айблаган, бу қўшни мамлакатлардаги террорчилик фаоллигининг ортишига олиб келиши айтилганди.

«Осиёда жанг яқинлашмоқда: Ўзбекистонда ИШИДнинг 5000 жангариси» сарлавҳали материалда «ушбу хат маълумот сизиб чиқиши» туфайли қўлга киритилгани билдирилган. Қизиғи шундаки, «хатнинг сизиб чиқиши» Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи чоғида содир бўлди.

Хатнинг ишончлилиги жиддий шубҳа туғдирарди. Kun.uz’нинг Вазирлар Маҳкамаси ва Ташқи ишлар вазирлигидаги манбалари ҳам хат сохта эканлигини тасдиқлади.

«Сизга маълумки, халқаро террорчилик гуруҳлари жангариларининг Сурия ва Ироқдан сиқиб чиқарилиши Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистон учун ёқимсиз элементлар оқимини келтириб чиқарди», - дейилади 3 май санаси қўйилган, АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Памела Спратлен номига ёзилган мактубда.

Абдувоҳидов номидан ёзилишича, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон махсус хизматларининг «фаол қаршилиги» террорчиларни «Ўзбекистонни ўз йўналишининг сўнгги нуқтаси деб ҳисоблашга мажбур қиляпти».

Мактубда Ўзбекистон халқаро терроризмнинг тарқатувчиси сифатида кўрсатилган. Мактубда Сурхондарё вилоятида террорчилик ташкилотларининг беш мингга яқин жангарилари борлигини ҳисоблаб чиққан Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг «маълумоти»га ҳавола келтирилган.

«Бундай вазият муқаррар равишда минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришга олиб келади ва мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни анча қийинлаштиради», - дейилади мактубда.

Абдувоҳидовнинг «мактубига» асосланган ҳолда, рус матбуоти қуйидаги хулосаларни келтиради:

1. Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришга олиб келади.

2. Ўзбекистон кучишлатар тузилмалари ўзларига яқин бўлган ердаги террорчилик фаоллигига кўз юмишга мажбур.

3. Ва энг муҳими, минтақа исломнинг радикал қарашлари ва уруш олиб бориш учун кенг имкониятларга эга бўлган яна бир халифаликни яратишга тайёрланилмоқда.

Таржимаси:

Ҳурматли Фавқулодда ва Мухтор Элчи хоним, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларингизни юксак қадрлайди. Қўшма иқтисодий лойиҳалар, ижтимоий дастурлар, шунингдек, минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик Ўзбекистоннинг келгуси йиллардаги фаолияти ва ривожланишининг муҳим элементлари ҳисобланади. Бироқ, мураккаб халқаро вазият ва ўсиб бораётган террорчилик таҳдиди бизнинг сиёсий ва куч тузилмаларимизда ташвиш уйғотмоқда.

Сизга маълумки, халқаро террорчилик гуруҳлари жангарининг Сурия ва Ироқдан сиқиб чиқарилиши Марказий Осиё мамлакатларига, шу жумладан Ўзбекистонга ёқимсиз унсурлар оқимини келтириб чиқарди.

Россия Федерацияси, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон махсус хизматлари томонидан уларнинг кириб олишга қарши фаол кураш террорчиларни мамлакатимизни ўз йўналишининг якуний нуқтаси сифатида кўришга мажбурламоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти ҳудудида халқаро террорчилик ташкилотларининг беш мингга яқин жангариси бор.

Шунингдек, Афғонистоннинг Балх вилоятидан қурол-аслаҳа ва гиёҳванд моддаларни ноқонуний олиб ўтиш ҳоллари кўпаймоқда, криминоген вазият даражаси ошмоқда.

АҚШ разведкасининг бу масала бўйича позицияси бизга маълум ва уларнинг чуқур билимга эгалиги бизда шубҳа уйғотмайди, аммо миллий хавфсизликка аниқ таҳдид ва унинг бевосита бартараф этила олинмаслиги Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакат ичида ва халқаро миқёсдаги обрўсини сезиларли даражада ёмонлаштириши мумкин.

Бундай вазият муқаррар равишда минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришга олиб келади ва мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни анча қийинлаштиради.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон ҳукумати номидан, халқаро терроризмга қарши биргаликда курашиш масалалари бўйича давлатларимизнинг махсус хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ҳамкорликнинг параметрларини энг юқори даражада аниқлаштиришингизни сўрайман. Сизнинг тушунишингиз ва ҳар томонлама ёрдамингизга умид қиламан.

Вазир ўринбосари Абдужаббор Абдувоҳидов

Энди хулосалар чиқарамиз.

Биринчидан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон махсус хизматлар томонидан кириб олишга фаол қаршилик террорчиларни Ўзбекистонни ўз йўналишларининг сўнгги нуқтаси деб ҳисоблашга мажбурлаётгани нима дегани?

Ўзбекистон махсус хизматлари терроризмга қарши курашда катта тажрибага эга. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг тинч аҳолиси ҳеч қачон мамлакатда экстремизм ва терроризмга тоқат қилмайди.

Иккинчидан, ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти ҳудудида халқаро террорчилик ташкилотларининг беш мингга яқин жангариси борлиги таъкидланади.

Тасаввур қилинг-а, 5 минг жангари деярли шундоқ кўчаларда юрибди, Ўзбекистон президенти эса хотиржам равишда АҚШга жўнаб кетди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари эса бу ҳақда умуман жим ўтирибди.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, биз Россия оммавий ахборот воситалари вакилларини соғлом фикрга чақирамиз ва келажакда Ўзбекистонга қарши ахборот хуружлари билан шуғулланмасликни сўраймиз.
Категория: Dunyo | Добавил: uznewuz (17.05.2018)
Просмотров: 13 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar