Главная » Статьи » Новости » Yurtimiz yangiliklari

Банклараро электрон операциялар қандай ўтказилади?
Марказий банк Бошқарувининг қарори билан банклараро пул бозорида электрон савдо платформаси орқали операцияларни амалга оширишнинг янги тартиби тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.

Илгари банклараро электрон операциялар Пул ресурсларининг банклараро электрон бозорида операцияларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом (ўз кучини йўқотган) билан тартибга солинган. Янгилари уч ойдан кейин амал қила бошлайди.

Маълумот учун: банклараро бозор тизимининг мақсади Марказий банк ва тижорат банклари томонидан электрон биржа савдолари ўтказиш орқали пул маблағларини жалб этиш ёки жойлаштириш операцияларини амалга ошириш ҳисобланади.

Янги таҳрирда таклиф этилаётган асосий муҳим фарқларни кўрсатиб ўтамиз.

Биринчидан, банклараро электрон савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш билан валюта биржаси шуғулланади. Унинг ўзи савдо иштирокчиларига тегишли дастурий таъминотни, шунингдек тизимда ишлаш учун логин ва паролларни тақдим этади. Ҳозир ушбу вазифаларни инфратузилмадаги бўлинма – маъмур бажармоқда. Шу тариқа, банклараро электрон бозордаги операцияларни иштирокчиларнинг иш жойидан ҳам, валюта биржаси савдо залидаги иш жойидан ҳам амалга ошириш мумкин бўлади.

Иккинчидан, пул бозоридаги операциялар амалга оширилишига асос бўладиган Бош битим мазмунига доир талаблар белгиланди. Унда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

• фоиз тўловларини ҳисоблаш, уларни тўлаш тартиби ва муддатлари;
• амал қилиш муддати;
• хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган шартлар;
• тижорат банклари ўртасидаги ўзаро тузиладиган биржа битимлари учун мажбурий шартлар.

Учинчидан, биржа савдоларини ўтказиш вақти ўзгаради. Ҳозир иштирокчилар барча операцияларни соат 9.00 дан 18.00 гача ўтказишлари мумкин. Янги тартибга биноан банклараро тўлов тизими иш вақти якунланишига 30 дақиқа қолгунига қадар, яъни соат 15.30 гача улгуриш зарур бўлади.

Тўртинчидан, савдо иштирокчилари ўртасида битим тузиш учун дастлабки буюртма бериш таомили аниқлаштирилди. Муносиб контрагентни излаш учун тизимга электрон шаклда тегишли буюртмалар – пул маблағларини жалб этиш ва (ёки) жойлаштириш тўғрисидаги таклифлар киритилади. Буюртмаларда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

• жалб этиладиган/жойлаштириладиган пул маблағлари миқдори ва муддати;
• валюта тури;
• фоиз ставкаси ва фоиз тўловларини тўлаш муддати.

Ҳужжат 15.08.2018 йилдан кучга киради.
Категория: Yurtimiz yangiliklari | Добавил: uznewuz (17.05.2018)
Просмотров: 98 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar